Тошкентдаги барча бекатлар ахборот таблолари билан таъминланади

Автобуслар ҳаракати жадвалини кўрсатиб турувчи таблолар ҳозирча пойтахтнинг бир қанча бекатларига ўрнатилган.
«Тошшаҳартрансхизмат» Тошкентдаги барча автобус бекатларини информацион таблолар билан таъминлашни режалаштирмоқда, деб хабар қилинди компания сайтида.

Айни пайтда автобуслар ҳаракат жадвали ва бошқа фойдали маълумотлар (валюталар курси, об-ҳаво) бир қатор: «6-туғруқхона», «Дунё супермаркети», «Чимён дўкони» ва «Grand Mir Hotel» бекатларига ўрнатилган.

Табло кунига 24 соат ишлайди, бунда 6:00 дан 23:00 гача автобуслар ҳаракати жадвалини кўрсатиб туради.

Лойиҳа «Тошшаҳартрансхизмат» ва «Тоштрансдиспетчерхизмат» корхонаси томонидан Grand Technology Systems компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.